"Qozoq oilasi folklori" turkchaga tarjima qilindi

Kitobning taqdimotida Turkiya Prezidentlik Milliy kutubxonasiga 500 dan ortiq kitob taqdim etildi.

Тарих ва тақдирлари туташган, илдизи бир бўлган қардош мамлакатлар Туркия ва Қозоғистон ўртасидаги яқин маданий алоқалар доирасида, Туркия Республикасининг ташкил топганига 101 йил тўлиши муносабати билан Президентлик Миллий кутубхонасида Қозоғистоннинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида ва “Кўк ту” қозоқ маданияти жамияти ташаббуси билан М.О. Аўезов номидаги Адабиёт ва Санъат институти директори, профессор Кенжехан Матижановнинг “Қозоқнинг оилавий фольклори” китоби тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Қозоғистон элчихонасининг атташеси Динмуҳаммад Ўмироли, Президент кутубхоналари бошқармаси раиси Айҳан Туглу, профессор-фольклоршунос Ўзкул Чобанўғлу, олимлар, талабалар ва Анқарадаги қозоқ диаспораси вакиллари иштирок этдилар.

“Қозоқнинг оилавий фольклори” китоби – оилавий урф-одатларнинг тарихи, терминология тизими, поэтик тузилиши ва этнографик алоқалар типологияси даражасида кўриб чиқилган 6 бўлимдан иборат қимматли асар. Қадимги туркий ёзма ёдгорликларидаги намунадан бошланиб, қозоқнинг оилавий фольклори турк тилидаги аудиторияга тақдим этилди. Китобни қозоқчадан туркчага доктор Ҳалил Четин таржима қилган.

Тадбирни ташкил қилган “Кўк ту” қозоқ маданияти жамияти раиси Илге Қарагўз Аҳметова қозоқ маданияти жамиятини таништириб, “Бугунги тадбирни ташкил этганимиздан хурсандмиз. “Қозоқнинг оилавий фольклори” китоби хориждаги қозоқлар учун муҳим аҳамиятга эга”, деди.

Президент кутубхоналари бошқармаси раиси Айҳан Туглу эса, “Бу асар фақат қозоқ оилавий фольклори эмас, балки туркий халқларнинг ҳам фольклор китоби ҳисобланади. Бундай қимматли асарлар икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиради”, деди.

Тадбирда Президентлик Миллий кутубхонасига М.О. Аўезов номидаги Адабиёт ва Санъат институти томонидан 500 дан ортиқ китоб ҳадя қилинди. Институт директори Матижанов Президентлик Миллий кутубхонасига “Қозоқ фольклорининг 100 жилдлигини” ҳам совға қилганларини таъкидлаб, “Биз бугун Президентлик кутубхонасига қозоқ фольклорининг 100 жилдлигини олиб келдик. Бундай 100 жилдлик фольклорни нашр қилган дунёдаги биринчи давлат – Қозоғистон. Уни тайёрлаб, нашр қилган М.О. Аўезов номидаги Адабиёт ва Санъат институти. Бу 100 жилдлик асар – боболаримиз мероси”, деди.

2020 йилда очилган Туркиянинг энг катта кутубхоналаридан бири бўлган Миллий кутубхонада “Қозоғистон” бўлими мавжуд. Бу бўлимда қозоқ тилидаги адабий, илмий ва бошқа турдаги китоблар жой олган.